Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 29-30 сентябрь кунлари Наманган ва Фарғона вилоятларига сафар қилди.

Ўзбекистон раҳбари Фарғона вилоятига сафарининг иккинчи куни Фарғона туманидаги “Мустақиллик шукронаси” фермер хўжалиги далаларида бўлиб, вилоят фермерлари ва фаоллари билан суҳбатлашди. Бу ҳақда УзА хабар берган.

Абдумажид Яҳёев раҳбарлик қилаётган “Мустақиллик шукронаси” фермер хўжалиги аъзолари 109 гектар майдонда пахта ва ғалла етиштирмоқда. Фермер хўжалиги кўп тармоқли бўлиб, пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, паррандачилик, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларида фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда 45 гектар майдонда ғалла етиштирилиб, гектаридан 62 центнердан ҳосил олинди. 64 гектар майдонда етиштирилган пахта йиғиб-териб олинмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Энахон Сиддиқова, Тошлоқ туманидаги «Заркент саховати» фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор Зебихон Рустамова, Фарғона вилояти Фермерлар кенгаши раиси Абдуғаффор Раҳимов, Ёзёвон туманидаги 22-мактаб ўқитувчиси Ўктамхон Солиева, Фурқат туманидаги «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонаси уста наққоши Маҳаматали Юнусов ва бошқалар қатнашган.

Улар дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган дастур барча соҳаларда улкан самаралар бераётганини, халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлиги юксалиб бораётганини қайд этишди. Шунингдек, улар бу ютуқларнинг барчаси Президент раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси эканини фахр билан таъкидлашди.