Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон Россия президенти Владимир Путинни Сурия етакчиси Башар Асадни ўз лавозимидан кетиши зарурлигига кўндира олишга умид қилмоқда. Бу ҳақда Кэмерон CBS телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.   

“Менинг фикримча, Путин ислом экстремистларининг террорчилиги АҚШ ва Буюк Британия манфаатлари каби, Россия манфаатларига ҳам хавф солишини англайди. Путин бу хавф унга ҳам тегишли эканлигини билади, бироқ у айни пайтгача Асад билан ишлашни истаган”, деб айтди Кэмерон.

Кэмерон Путинни Сурия президентини алмаштиришга кўндира олиш зарур деб ҳисобламоқда: “Биз Путинни Сурияни “ИШИД”дан озод қилишнинг ягона имконияти бу Асадни алмаштириш эканлигига кўндиришимиз керак”.

“Обама ва Путиннинг ўтган кечадаги учрашуви жуда муҳим бўлди, бироқ бизга вазиятни англашда ягона фикрга келиш учун бундай учрашувлардан кўпроқ керак”, деб таъкидлаб ўтди Кэмерон.

Аввалроқ Кэмерон Башар Асад ўз лавозимини тарк этгандан кейин халқаро суд олдида жавоб бериши кераклигини айтганди.