"Барселона" жамоаси бош мураббийи Луис Энрике ЕЧЛнинг гуруҳ босқичидан ўрин олгани 2-тур учрашувида "Байер" жамоаси 2:1 ҳисобида мағлуб этилганидан кейин журналистлар билан гаплашди.

"Ўйин жуда оғир кечди. Биз иккинчи марта Мессисиз ўйнадик ва бу иккинчи ўйинда ҳам ғалаба қилдик. "Байер" ҳам ғалаба учун муносиб ҳаракат қилди, аммо биз иккинчи таймда ўйинимизни кучайтириб, керакли натижага эриша олдик.

Жамоани мақтаса арзийди. Трибунадаги норозиликларни тўғри тушунаман, лекин уларга бу билан хато қилишаётганини айтаман.

Мухлислар бизни 0:1 ҳисобида ютқазаётганимизда қўллаб-қувватлашмади, ҳисобни 2:1 кўринишига келтирганимизда эса, ҳолат ўзгарди. Истардимки, "Ноу Камп"га келадиган мухлислар ҳамиша кўтаринки руҳ билан мухлислик қилишсин.

Биз ўйинни ўз кучимизга ишонган ҳолда давом эттирдик ва ғалабага муносиб бўлдик. "Байер" ҳимояга қамалиб олганида футболчиларим асабийлашишмади.

Биз жуда қийин гуруҳдан жой олганмиз. Лекин биринчи ўрин билан кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз.
Футболчилар жангавор руҳни охиригача сақлаб қолишади", дейди Луис Энрике.