“ИШИД” террорчилик гуруҳини жанг майдонида мағлуб этишнинг ўзи етарли эмас, унинг мафкурасини йўқ қилиш керак, бироқ бунга қурол билан эришиб бўлмайди. Бундай фикрни АҚШ президенти Барак Обама Нью-Йоркда БМТ бош қароргоҳида террорчиликка қарши курашиш масалалари бўйича олий даражадаги учрашувда билдириб ўтди.

Обаманинг таъкидлашича, АҚШ турли давлатлар, жумладан Тунис, Нигерия ва унга қўшни давлатлар билан “ИШИД”га вафодорлигини эълон қилган “Боко Ҳарам” каби террорчилик гуруҳлари билан курашда ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. “Бироқ “ИШИД”ни жанг майдонида ютишнинг ўзи етарли эмас. Биз радикаллашиш, янги жангариларни тўплаш, бошқа одамларни зўравонликка чақиришларнинг олдини олишимиз керак. Бу уларнинг мафкурасини йўқ қилиш демакдир. Мафкурани қурол билан йўқ қилиб бўлмайди, бунга энг яхши ғоялар, ўзига тортувчи ва ишонтирувчи қарашлар билан эришиш мумкин”, деб айтди Обама. Обаманинг айтишича, ҳозирда интернетда “ИШИД”га қарши фаол ҳаракатлар бошланган.

Обама “камбағаллик ўз-ўзидан террорчилик сабаби бўлмайди”, бироқ бу Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мисолларида намоён бўлаётгандек, террорчилар кун кечириш учун воситаларнинг етишмаслигидан азият чекувчи, “умидлардан маҳрум бўлган, ноҳақлик ва коррупция туфайли хўрланишга учраётган” одамларнинг, айниқса ёшларнинг норозилигидан фойдаланадилар. Обама “бу борада имкониятларнинг яратилиши ва барқарор ривожланиш “тажоввузкор экстремизмга қарши курашиш” жараёнининг бир қисми ҳисобланади”, деб айтди. 

Обама террорчилар “инсон ҳуқуқлари рад этилганда ва одамлар ўз норозиликларини тинчлик билан билдира олмаганларидан” ютишини айтди. “Бу террорчилар тарғиботини янада зўрайтиради ва зўравонликни оқлайди”, деб ўз сўзини якунлади Обама.