Яқиндагина NASA олимлари томонидан тасдиқланган Марс сатҳида аниқланган суюқ ҳолатдаги сув миқдори мазкур сайёрада ҳаётни тараққий эттириш учун жуда камлик қилади, деди Россия Фанлар Академияси Астрономия институти астрономи Дмитрий Вибе Латвиянинг Baltkom радиостанциясига берган интервьюсида.

28 сентябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида NASA Марс сайёрасида суюқ ҳолатдаги сув борлиги аниқланганини маълум қилган эди.

MRO зонди камералари ва қурилмалари ёрдамида тўпланган маълумотлар таҳлили асосида қизил сайёра экватори яқинидаги кратерларда таркибида туз мавжуд бўлган суюқ ҳолатдаги сув мавжуд экани маълум қилинган эди.

“Марсда ҳаётни ривожлантириш ҳақида гапириш ҳозирча имконсиз, чунки биз билган ҳаётни барпо этиш учун етарли миқдордаги сув ва юмшоқроқ иқлим шароитлари зарур. Мазкур ҳолатда айтиш мумкинки, Марс сатҳининг қаеридадир аниқланган суюқ ҳолатдаги сув жуда шўр бўлиб, кўп миқдордаги хлор билан тўйинган. Аммо секин-асталик билан Марсда яшаш учун энг кам шароитлар мавжудлигини билиш сари яқинлашиб бормоқдамиз”, - деди Вибе.

Олимнинг сўзларига кўра, NASA тақдим этган маълумот тўлақонли кашфиёт бўлмасдан, фақатгина аввалдан олимлар илгари сурган тахминларни тасдиқлади холос.

“Қатъий айтганда, гап кетаётган кашфиётга бир неча йиллар муқаддам қўл урилган эди. NASA ошкор қилган ҳалқалар 2010 йилдаёқ аниқланган бўлиб, олимлар уларнинг Марс сатҳида шўр сувнинг қисқа муддатли оқиб ўтиши натижасида вужудга келганини айтиб ўтишган эди. Ҳозир эса мазкур мавзу Марс атрофида мунтазам айланиб турувчи коинот ускунаси бортига ўрнатилган спектрал қурилмалардан фойдаланиш натижасида янада аниқроқ тасдиғини топди. Демак, янги кашфиёт қилинмади, балки бир неча йил муқаддамги топилма табиати ҳақидаги фараз тасдиқланди холос”, — деди Вите.