Фарғона вилоятидаги Тоштепа аҳолижойи яқинидан ўтган чегара чизиғида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизматлари ўртасида тўқнашув юз берди. Бу ҳақда Ўзбекистон давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасига таянган ҳолда Sputnik агентлиги хабар бермоқда.

Воқеа 28 сентябрь куни юз берди. Соат 12:00да икки қирғизистонлик ҳарбий белгиланган чегарани бузиб ўтди. Ўзбекистонлик чегарачилар улардан бирини қўлга олди, бошқаси ўз ҳудудига яширинди.
“Қўлга олинган қонунбузар қаршилик кўрсатди. Натижада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилардан бири бошидан жароҳат олиб, ҳушини йўқотди”, - дейилади хабарномада.

Айтилишича, шундан сўнг чегарадан бир гуруҳ маҳаллий аҳоли вакиллари ўтиб, ҳушини йўқотган ўзбекистонлик чегарачини қўлга олди. Улар ҳарбийга жароҳат етказиш баробарида, ундан 7.62 мм калибрдаги ҳарбий патронларни комплектини, найза-пичоқ, соат, жетон ва бошқа буюмларни тортиб олди.

Кейинчалик ўтказилган музокаралар натижасида ўзбекистонлик чегарачи юртига қайтарилди. Ҳарбийнинг аҳволи ўртача деб баҳоланмоқда. Унинг буюмлари қирғизистонликлар қўлида қолиб кетди.