Россия ҳарбий ҳаво кучларининг Суриядаги фаолиятидан кўзланадиган асосий мақсад расмий ҳукуматни қўллаб-қувватлаш ва террорчиликка қарши курашдир. Бу ҳақда Кремлнинг расмий вакили Дмитрий Песков баёнот берди.

“Асосий вазифа террорчиликка қарши кураш ва Суриядаги расмий ҳукуматни террорчилик ва экстремизмга қарши курашда қўллаб-қувватлашдир”, - деди у матбуот анжумани чоғида, Россия авиациясининг мақсадлари ҳақидаги саволга жавоб бераркан.

Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин Федерация кенгаши муҳокамасига қуролли кучлар контингентини хорижда қўллашга рухсат бериш тўғрисидаги қарор қабул қилиш ҳақидаги таклифни киритди. Охирги марта кенгаш 2014 йил мартида бундай қарор чиқариб, Украина ҳудудида, айнан Қримда Россия кучларини қўллашга рухсат берган эди.