Россия президенти Владимир Путин Федерация кенгаши муҳокамасига қуролли кучлар контингентини хорижда қўллашга рухсат бериш тўғрисидаги қарор қабул қилиш ҳақидаги таклифни киритди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар бермоқда.

Путин, шунингдек, мурожаатни кўриб чиқишда расмий вакиллар сифатида Кремль маъмурияти раҳбари Сергей Иванов, ТИВ ўринбосари Михаил Богданов ва мудофаа вазири ўринбосари Николай Панковни белгилади.

Россия Федерация Кенгаши йиғилишида бу таклиф бир овоздан маъқулланди.

Эндиликда РФ қуролли кучларининг Сурияда фойдаланиши аниқ бўлди. Бу ҳақда йиғилиш якуни бўйича президент маъмурияти раҳбари Сергей Иванов маълум қилган.

Йиғилишда иштирок этганларнинг 162 нафари мазкур мурожаатни қўллаб-қувватлаган ҳолда унга қаршилар, бетарафлар бўлмаган.

Ҳозирда рус амалдорларининг АҚШ ҳарбий ҳаво кучларини Сурия осмонидаги ҳаракатини тўхтатишни талаб қилгани ва у ерда эндиликда Россия ҳарбийлари ҳаракатни бошлаши ҳақида ахборотлар тарқатилган. Шунга қарамай, АҚШ томони бундай талаб бўлмагани ва Қўшма Штатлар ўз ҳарбий ҳаракатларини ўзгартириш ниятида эмаслигини билдирган.