Россия ҳарбий-коинот кучлари самолётлари Сурия ҳудудида “ИШИД” жангариларининг позицияларига авиазарбалар беришни бошлади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилди, деб хабар бермоқда “Россия 24” телеканали.

“Россия Қуролли кучлари олий бош қўмондони Владимир Путиннинг қарорига мувофиқ, Россия ҳарбий-коинот кучлари самолётлари бугун Сурия Араб Республикаси ҳудудида “ИШИД” террорчилик гуруҳининг қуруқликдаги позицияларига зарбалар бериш бўйича ҳаво операциясини бошлади”, деб айтди Конашенков.

Қайд этилишича, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бўйича ўз ҳамкасбларини Россия самолётлари “ИШИД” жангариларига тегишли ҳарбий техника, алоқа бўғинлари, транспорт воситалари, қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва ёқилғи-мойлаш омборларига зарба бераётганидан хабардор қилди.