Сурия президенти ҳокимиятни топшириши керак, акс ҳолда можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилишга тўғри келади. Ушбу сўзларни 29 сентябрь куни Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Абдул ал-Жубайр Нью-Йоркда журналистларга маълум қилди.

“Асад учун Сурияда келажак йўқ, масалани ҳал этишнинг икки йўли бор, – деди вазир. – Биринчиси, бу – сиёсий жараён бўлиб, ушбу вақтда муваққат кенгаш ташкил этилади. Иккинчи йўли ҳисобланган ҳарбий аралашув ҳам Башар Асаднинг президентликдан кетиши билан якун топади”.

Ал-Жубайр Сурия етакчисини куч билан алмаштириш масаласига батафсил ёндашмасдан, фақатгина Ар-Риёд Дамашқ армияси ва ИШИД жангариларига қарши кураш олиб бораётган “мўътадил Сурия исёнчилари”ни қўллаб-қувватлашни бошлаб юборганини айтиб ўтди.