Жорий йилнинг 29 сентябрь куни “Wyndham” меҳмонхонасида ташкил этилган Ўзбекистон-Япон конференциясида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

“Шаҳар юқоритехнологияли инфратузилмаси” мавзусидаги конференция Япониянинг Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм масалалари бўйича вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда бир қатор манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакиллари, ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳамда шу йилнинг 28 сентябрь куни мамлакатимизга ташриф буюрган Япония парламентининг Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм масалалари бўйича вазир ўринбосари Кейсукэ Сузуки бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан ташкил топган делегация томонидан ўзаро манфаатли таклифлар илгари сурилди.

Япония парламентининг Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм масалалари бўйича вазир ўринбосари Кейсукэ Сузуки бошчилигидаги делегация икки таркибий қисм, яъни 5 кишидан иборат расмий ҳамда 54 нафар ишбилармон доира вакилларидан ташкил топган делегация вакилларидан иборат.

Ташрифдан мақсад шаҳарсозлик соҳасида иккитомонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ва Япониянинг шаҳар инфраструктурасини ривожлантиришдаги энг замонавий технологик ютуқлари билан танишиш ва тажриба алмашишдир.

Конференциянинг очилиш маросимидан сўнг, иштирокчилар икки секцияга бўлиниб, муҳокамаларни давом эттирдилар.

Секцияларда инфраструктура соҳасидаги хавфсизлик тизими, ахборот коммуникация технологиялари ёрдамида амалга ошириладиган хавфсизлик чора-тадбирлари, Марказий Осиёда молиялаштирилган лойиҳаларнинг натижалари, имплант усуллари, юқори функционал қўрғошин, табиий офатларнинг олдини олиш технологиялари каби масалалар кўриб чиқилди.

Конференцияда шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича япон компанияларининг тақдимотлари ўтказилиб, мазкур лойиҳаларнинг Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JIKA) ва Япония халқаро ҳамкорлик банки томонидан молиялаштирилиш усуллари юзасидан ахборотлар берилди.

Конференцияда иштирок этган Япония парламентининг Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм масалалари бўйича вазир ўринбосари Кейсукэ Сузуки бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан ташкил топган делегация мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган саъй-харакатларни юқори баҳолашди. Конференция доирасида томонлар ўртасида истиқболларни белгилаш, келгуси ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон Япония билан стратегик ҳамкорликни келгусида мустаҳкамлаш, икки томонлама манфаатли бўлган кўп қиррали савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда.

Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда Ўзбек-Япон ва Япон-Ўзбек иқтисодий ҳамкорлик қўмиталари катта роль ўйнайди. Юқорида келтирилган қўмиталарнинг биргаликдаги йиғилиши 2015 йилнинг 27 январида Токио шаҳрида бўлиб ўтди.

Маълумот учун, иккитомонлама савдо айланмаси 2014 йил якунларига кўра 189,5 млн долларни ташкил этди, шундан 15,1 млн доллар Ўзбекистон экспорт улушига тўғри келади.

Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги молиявий-техник ҳамкорликнинг умумий ҳажми 3,4 млрд АҚШ долларидан ошди. Япониянинг молиявий-техник кўмаги туфайли Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт, телекоммуникация ва бошқа соҳаларда ижтимоий аҳамият касб этувчи ҳамда қатор инфраструктуравий лойиҳалар амалга оширилди.

Ўзбекистонда 10та қўшма корхоналар ташкил этилган бўлиб, улардан биттаси 100 фоиз япон капитали асосида бўлган ва савдо, транспорт хизмати, туризм, соғлиқни сақлаш, машинасозлик, енгилсаноат ва металлни қайта ишлаш соҳаларида фаолият юритади.

Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишни, инвестицион лойиҳалар доирасида ускуналар етказиб бериш ва бошқаларни ўз ичига оладиган 11та япон компанияларининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Япония турли хил лойиҳаларда, авваламбор, юқори технологиялар соҳасида фаол ҳамкорлик олиб боришмоқда.

Япония парламентининг Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм масалалари бўйича вазир ўринбосари Кейсукэ Сузуки бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан ташкил топган делегацияси жорий йилнинг 29 сентябрига қадар мамлакатимизда бўлиб, юртимизда соҳа ривожи билан яқиндан танишадилар.