Ўзбекистонлик хонанда Улуғбек Раҳматуллаев Туркия қирғоқларида сувга ғарқ бўлган 3 ёшли суриялик қочқин бола Айлон Курдий воқеасидан таъсирланиб йиғлади. Бу ҳақда у “Даракчи” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Бундан бир неча ҳафта олдин суриялик Айлон исмли уч яшар болакай сурати интернет орқали бутун дунёга тарқалди. Шўрлик бола ота-онаси, акаси билан уруш ўчоғидан қочаман деб, ажалга рўпара бўлган. Тўғрироғи, отаси қайиқда уларни денгиз орқали Европага олиб ўтмоқчи бўлганида, сувга ғарқ бўлган. Кўп ўтмай тўлқинлар унинг жонсиз жасадини қирғоққа олиб чиқиб ташлаган. Бу суратни кўриб ичим ачиди. Беихтиёр кўзимга ёш келди”, - тан олди хонанда.

“Шу сурат асосида ишланган фотоколлажларнинг бирида мурғак жасад устида яна бир бола “Раҳмат, дунё!” деб ёзилган шарни кўтариб турибди... Даҳшат! – cўзида давом этди Улуғбек Раҳматуллаев. – Болакай бу дунёга келиб 3 йиллик қисқа умри давомида нима кўрди дейсиз. Ўша суратни кўрган заҳотим арзимаган ташвишлар учун ношукурлик қилишимиз, нолишимиз бехуда эканини, дунёда тинчлик, хотиржамликдан буюкроқ неъмат йўқлигини англадим”.