Яманда ҳукумат кучлари ва исёнчи хусийчилар ўртасидаги қуролли ихтилоф бошлангандан бери камида 2355 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, деб айтилмоқда 29 сентябрда чоп этилган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳисоботида.

Фақатгина охирги икки ҳафтанинг ўзида жанговор ҳаракатлар 151 кишининг умрига зомин бўлди.

Чоп этилган маълумотларга куни-кеча араб коалицияси ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Воҳижа қишлоғида ўтаётган никоҳ маросимига янглиш зарба берилиши оқибатида ҳалок бўлган 130 нафар киши киритилмаган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси Яман ҳукуматини ва араб коалициясига кирувчи давлатларни тинч аҳолининг ҳалок бўлиши ҳақидаги хабарларни “мустақил ва холис” тергов қилиш имкониятини беришга чақирди.

Охирги маълумотларга кўра, Саудия Арабистони бошчилик қилаётган коалиция Яманда операция бошлагандан бери ҳалок бўлганларнинг умумий сони деярли 5 мингга етиб қолди.