Афғонистонда “Толибон“ террорчилик гуруҳининг йирик бўлинмалари ва унга иттифоқдош бўлган “Ҳаққоний тармоғи” гуруҳи 28 сентябрда босиб олган, мамлакат шимолидаги 300 минг аҳолига эга Қундуз шаҳрини уч кундан бери ўз назоратида ушлаб турибди. 

Афғонистоннинг катталиги бўйича 3-рақамли аҳоли пункти мамлакат хавфсизлик кучлари бўлинмалари ва НАТО махсус кучлари томонидан ўраб олинган.  

Дастлабки маълумотларга кўра, Қундуздаги жангларда 30 киши ҳалок бўлган, 200 дан кўпроқ одам яраланган. Шаҳарнинг озод этилиши истиқболлари номаълумлигича қолмоқда.

Жангарилар отрядлари 28 сентябрда Тошкент вақти билан 06:30 да Қундузга катта кўламда ҳужум уюштирган. “Ҳуқуқ-тартибот муассасалари ҳужум ҳақида маълумотга эга бўлганлар ва унга тайёрланганлар. Бироқ биз бу ҳужумнинг кўламини тўғри баҳолай олмадик, чунки жангарилар бир вақтнинг ўзида ўнта турли йўналишдан бостириб келди”, деб айтди Афғонистон ИИВ расмий вакили Содиқ Содиқий.

Толиблар бир уринишда шаҳарнинг катта қисмини босиб олди ва тинч аҳоли қочиб кета олмаслиги учун барча йўлларни тўсиб қўйди.

Жангарилар бутун шаҳар бўйлаб, жумладан бош майдонда ўз байроқларини ўрнатди. Уларнинг назоратига давлат муассасалари, мактаблар, Қундуз университети, қурол-аслаҳа ва ўқ-дорилар омборлари ўтди. Маҳаллий банклар, дўконлар ва хонадонлар талон-тарож қилинди. Дастлабки маълумотларга кўра, жангарилар томонидан етказилган зиён 1 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилиши мумкин.