Англия ва Уэльс ҳудудида машиналарда вояга етмаган болалар бўлган ҳолатларда тамаки маҳсулотлари чекиш тақиқланади. Бу ҳақдаги қонун 1 октябрь кунидан бошлаб кучга кирди.

Ушбу қонунга риоя қилмаган шахслар 50 фунт стерлинг миқдоридаги жарима билан жазоланади. Полициянинг ваъда беришича, дастлабки ойларда қоидабузарларга нисбатан ён беришлар бўлади ва биринчи ҳолатдаёқ жарима қўлланмасдан, шунчаки огоҳлантириш берилади. Шунингдек, бундай ҳолатларда ойнани очган ҳолатда чекиш ҳам қоидабузарлик сифатида баҳоланиши айтилган.

Британиялик тадқиқотчиларнинг аниқлашича, сигаретдан чиққан тутун гарчи ойналар очиқ ҳолда бўлсада, машинани 2,5 соатгача тарк этмайди.

Статистик маълумотларга кўра, Буюк Британияда шифокорларга ҳар йили чекувчилар ёнида бўлиб азият чеккан 300 минг киши мурожаат қилади. Шунингдек, йилига 9,5 минг бола пассив чекиш туфайли шифохонага ётқизилади.

Жорий қилинган қонун кабриолетларга ва электрон сигареталарга ҳам тааллуқлидир.

Маълум қилинишича, Шотландияда ҳам шундай тартиботлар ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Қайд этилишича, шотландлар ҳам шу йилнинг ўзида бундай қонунни жорий қилишади.

Шимолий Ирландия вакиллари эса бу қонунни Буюк Британияда қандай натижаларга эришишига кўра қабул қилишмоқчи.