Ўзбекистон матбуотида тўйлар, оилавий тадбирларда йўл қўйиладиган ортиқча сарф-харажат ва дабдабаларни танқид остига олиш давом этмоқда. Бу сафар янги туғилган чақалоқларни туғруқхонадан карнай-сурнай билан олиб чиқиш одати бўйича соҳа мутахасислари фикр билдириб чиқишди.

“Орзиқиб кутилаётган фарзанднинг дунёга келиши ҳар бир оилага бир олам қувонч бағишлайди, - деди Республика “Оила” илмий-амалий маркази Оила маънавияти асослари бўлими мудири, филология фанлари доктори Мунаввара Ёқуббекова. – Аммо фарзанд дунёга келганда кибрга берилган айрим кишилар туғруқхоналар остонасида карнай-сурнайлар чалдириб, тиббиёт муассасаларини тўйхонага айлантириб юборишади. Гўдакка жўнатиладиган анвойи анжомлар-у сарполар дейсизми, барчаси керагидан зиёда... Ота-онанинг давлатманд бўлгани, фарзандини зориқтирмай ўстиргани яхши. Лекин гўдаклигидаёқ уни боқимандалик, исрофгарчилик руҳида тарбиялаш тўғримикин?”.
“Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси ўринбосари Ўткир Эрматовнинг фикрича, бундай тадбирларда ортиқча сарф-харажат қилишга эҳтиёж йўқ.

“Илгари чақалоқ туғилса, рамзий маънода бешик совға қилинган, - унинг сўзларини келтиради “Жамият” нашри. – Замонлар ўтиб бешик ёнига кўплаб нарсалар қўшилди, қўшиляпти. Лекин ҳеч ким ортиқча сарф-харажатнинг нима кераги бор, дея ўйлаб кўраётгани йўқ. Шунга дабдаба қилига қурби етган ҳам, қурби етмаган ҳам қизим учун, набирам учун, деб ҳаракат қиляпти”.