Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абадий Россиянинг ИШИД жангариларига қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаганини хурсандчилик билан кутиб олди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

"Бу жуда фойдали бўлади. Унутмаслик керакки, Ироқ ҳам ИШИДни ўзининг асосий душмани сифатида билади", дейди ал-Абадий.

Бош вазир жангарилар томонидан мавжуд таҳдид сақланиб қолаётгани, шу вақтгача улар минглаб ироқликларни ўлдиргани, кўплаб болалар ва аёлларни асирликка олгани ҳақида эслатиб ўтди.

"Мен Путин билан учрашганимда Россиянинг ИШИДга қарши курашга қўшилишини сўрагандим. Бу ташкилот нафақат Сурия ва Ироқ учун, балки бутун дунё учун хавф туғдиради", дейди у.

Бундан олдинроқ, Россия ТИВ агар Ироқ ўз ҳудудидаги жангариларга қарши ёрдам сўраса, Россия томони бу масалани кўриб чиқиши ҳақида маълум қилганди.