Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг фикрича, ҳаётнинг ўзи АҚШни Сурия президенти Башар Асадни кетказишни ультиматив оҳангда талаб қилиш тўғри эмаслигига кўндирди.

“Ўйлашимча, ҳаёт мамлакатда шундай инқироз кетаётганда президентни кетказишни талаб қилиш реал эмаслигини кўрсатди. Келишиш лозим. Бошқа ҳар қандай ихтилофда – Яманда, Жанубий Судан ёки Ливияда – бугун Асаднинг кетишини талаб қилаётган ғарблик шерикларимиз ҳукумат ва мухолифат ўртасида диалог ўрнатилишига чақирган эдилар”, - деди у АҚШ давлат котиби Жон Керри билан музокаралар якунларига кўра берган матбуот анжуманида.