Россия Ироқ ҳудудида ИШИДга қарши ҳарбий амалиётлар бошлашга шошилмайди. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров БМТ Бош ассамблеяси доирасидаги матбуот анжумани вақтида шундай баёнот билан чиқиш қилган.

"Биз Ироқ томони шуни сўрамагунича, бу ҳудуддаги жангариларга қарши авиазарбалар йўлламаймиз. Ахир биз боодоб кишилармиз ва таклифсиз бировнинг уйига бориш одобдан эмас", дея қайд этди вазир.

Унинг сўзларига кўра, муаммони фақатгина бомба ёғдириш билангина ҳал қилиб бўлмайди.

У шунингдек, ИШИД кенг ҳудудга, Португалиядан тортиб Покистонгача таҳдид солиб тургани ва бу кенгликда ўз нуқталарига эга эканлиги ҳақида гапирган.

Бундан олдинроқ, Ироқ бош вазири Россиянинг Сурияда бошлаган ҳарбий ҳаракатларини маъқуллаши ҳақида айтганди.