Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ вакилларидан Россия кучлари ИШИДнинг эмас, бошқа кучларнинг базаларига авиазарбалар берганини исботловчи далиллар келтиришни талаб қилди. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги хабар бермоқда.

“Америкаликлар шерикларимиз томонидан нишонларимиз бошқа бўлганлиги юзасидан хавотир бор, улар бу шубҳаларини бизга етказишди, аллақандай далиллари борлигини пеш қилишди. Биз бу далилларни келтиришни талаб қилдик, негаки нишонларимизни аниқ биламиз, - деди у.

– Яна бир бора айтаман, мудофаа вазирлиги сайтида ҳаммаси тушунтирилган. Оддий фуқаролар бу зарбалардан азият чекканлиги ҳақида гаплар бошланди, аммо бундай ҳолатлар бизга маълум эмас. Биз зарбаларимиз аниқлигини улкан диққат билан кузатамиз, нишонларимиз эса фақатгина террорчи отрядлар позициялари, объектлари ва қуролларидир”.

ТИВнинг расмий вакили Мария Захарова ҳам, журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Россиянинг хатти-ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ нормаларига зид келмаслигини таъкидлади.