“Новости Узбекистана” мухбири Игорь Решетников ўзининг янги мақоласида Наманганда интернет хизматлари кўрсатиш сифати паст даражада эканлигини айтди.
“Наманган аҳолиси Халқаро тўрга уланганида кўп қийинчиликларга учрайди: қотиб қолади ёки тезлиги паст, - дейди у.

– Умуман, пойтахтдаги вазият ҳам кўп фарқ қилмайди. Айниқса Ўзбекистон ташқарисида бўлганингизда буни яққол сезасиз. Муаллиф турли мамлакатларда бўлган, ва уларда интернет қандай ишлашидан ҳайрон қолган. Бу техник жиҳатдан илғор мамлакатларгагина, Европа ёки Хитойгагина хос эмас.

Қўшниларимиз Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам вазият яхшироқ. Масалан, Берлинда смартфонга янги операцион тизимни ўрнатишга 45 дақиқа кетган эди, уйда эса бунга бир кундан кўп вақт кетади. Бу қанақадир эксклюзив эмас – бор-йўғи 35 евро/ой эвазига ҳар қандай одам катта тезликдаги чексиз трафикли интернетга уланиши мумкин”.

Ўзбекистонда маълумотлар юклаш тезлиги 2.44 Мб/секундни ташкил қилади, бу жаҳондаги 188 мамлакатни қамраган рейтингда 170-ўрин демакдир. Биринчи ўринда турган Гонгконгда – 69.38 Мб/секунд, Сингапурда – 59.53 Мб/секунд. Россия 30-ўринда (21.09 Мб/секунд), Хитой 16.64 Mб/секунд тезлик билан 43-ўринда, Қозоғистон эса 52-поғонада (13.71 Мб/секунд), 80-ўринда – Қирғизистон (8.46 Мб/секунд).

“Кўп нарса географияга боғлиқ, - деди ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Наманган бўлинмаси раҳбари Лазизхон Носиров, бу борадаги саволга жавоб бераркан. – Бизнинг линияларимиз “Ростелеком” ва “Қозоқтелеком” орқали ўтади, биз охирги нуқтадамиз. Биз Қозоғистондан тезлик сотиб оламиз ва бу трафик интернет провайдерларига берилади. Бизнинг вилоятимизда бундайлар сони олтита. Тарифлар ҳам шундан келиб чиқади – тезлик қанча баланд бўлса, нарх ҳам шунча қиммат”.

“Бизнинг мамлакатимизда “Ўзтелеком” ташқи интернет тармоқларига чиқа оладиган ягона компаниядир, - сўзида давом этди у. – У ташқи трафикни бошқа провайдерларга етказиб беради. Ўзбекистондаги тарифлар жуда юқори бўлиб, нафақат қўшни мамлакатлардаги, балки Европадаги нархлардан ҳам қимматдир. Фуқароларимизнинг даромадини эса уларга қиёслаб бўлмайди”.