Уч кун аввал Афғонистоннинг Қундуз шаҳрини босиб олган толиблар гуруҳлари Тожикистон чегарасига жадаллик билан ҳаракатланмоқда. Толиблар бир неча соат аввал чегара яқинидаги Панж дарёсидан 20-30 км узоқликда жойлашган Имом-Соҳиб туманини эгаллаб олишди, деб хабар бермоқда Tolo-News афғон телеканали.

Афғон ОАВлари маълумотларига кўра, айни пайтда толиблар Тожикистон ҳудудида жойлашган “Қуйи панж” назорат-ўтказиш пункти қаршисида жойлашган Шерхон-Байдар порти томон йўналмоқда.

Тожикистон махсус хизматлари вакили “ТАСС” ахборот агентлиги мухбирига маълум қилишича, тожик чегарачилари толибларнинг яқинлашиши муносабати билан тезкор тартибда стратегик тепаликларни эгалламоқдалар, яширин постларни кучайтирмоқдалар, бошқа превентив чоралар қабул қилмоқдалар.

“Биз Қундуз вилояти қаршисидаги Панж йўналишидаги вазиятни диққат билан кузатмоқдамиз. АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг кўп сонли авиазарбаларига қарамасдан Қундуз ва унинг ён атрофи террорчилар қўлида қолмоқда. Тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бор”, деб айтди махсус хизматлар вакили. Унинг айтишича, “айни пайтда Тожикистон махсус хизматларининг куч ва воситалари етарлича” ва улар терррорчилар чегарани бузиб ўтишининг бевосита хавфини кўрмаётибдилар, бироқ исталган вазиятга тайёр турибдилар.

Суҳбатдош ТАСС мухбирининг террорчиларнинг таркиби ҳақидаги саволига “бу турли гуруҳлардан ташкил топган гуруҳ эканлигини ва унга толиблардан ташқари Ўзбекистон ислом ҳаракати, “Ансаруллоҳ”, “ИШИД” жангарилари киришини айтиб ўтди. Ҳозирча террорчиларнинг сонини аниқлаш қийин, чунки уларнинг гуруҳлари бошқа вилоятлардаги захиралар билан тўлдирилмоқда, бироқ гап минглаб жангарилар ҳақида кетмоқда.

Маълумот учун, Афғонистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 1400 км ни ташкил қилади.