Олимларнинг фикрича, Дунё океанида ҳар 8-9 соатда "қотил-тўлқин" (бошқа тўлқинлардан 2-3 баробар баландроқ бўлган ёлғиз тўлқин) вужудга келади.

Цунамидан фарқли равишда, бу тўлқин аниқ манбага эга эмас. Бу ҳақда 2014 йилда фан ва инновация соҳасида Россия президенти мукофоти сазовор бўлган олима Ирина Диденкулова Севастополда бўлиб ўтган Биринчи халқаро ёш олимлар анжуманидаги ҳисоботида маълум қилди.

“Энг оддий баҳолаш бизга шундай рақамларни бермоқда: 3 мингтадан битта тўлқин қотил-тўлқин бўлиши керак. Яъни у ҳар 8-9 соатда вужудга келади. Бу қўполроқ баҳо. Кузатувларни тизимли равишда олиб борганимизда бундай тўлқинлар статистикада кўрсатилгандан кўпроқ учраши маълум бўлди”, деб айтди Диденкулова.

Олиманинг айтишича, қотил-тўлқинлар ҳақидаги эслатмаларни Қадимий Греция афсоналари ва Христофор Колумб саёҳати ҳақидаги ҳикояларда учратиш мумкин. Бироқ у 1995 йилдан бошлаб ўрганила бошланган. Ўшанда Норвег денгизида нефть қазиб олувчи платформани вайрон қилган 26 метрлик баландликка эга ягона тўлқин қайд этилган эди.

“Бунда об-ҳаво шароитлари эвакуация ўтказиладиган даражада ёмон бўлмаган. Суғурта компаниялари келажакда бундай вазиятлар вужудга келиши эҳтимоли қандайлигини билиш мақсадида бонг ура бошладилар”, деди Диденкулова.

1968 йилдан 1994 йилгача юз берган денгиз фалокатлари таҳлилининг кўрсатишича, қотил-тўлқин туфайли 22та супертанкер фалокатга учраган. Бундай воқеалардан энг шов-шувлиси 2010 йилда Марсель яқинида “Льюис Мажестик” лайнерининг фалокатга учраши бўлган.

“Қотил-тўлқинларнинг фазофий мониторинги мавжуд эмас. Биз фақатгина фалокатлар миқдорини кузатишимиз мумкин, улар эса навигация жадалроқ бўлган жойда кўпроқ учрайди”, деб таъкидлади олима.

Олиманинг таъкидлашича, статистика қотил-тўлқинларнинг вужудга келишини тахмин қилишга имкон беради, бироқ уларнинг вужудга келиш механизмини тушунтира олмайди. Олимлар ҳозирча фақатгина бу борада тахминларга эгалар. Уларнинг фикрича, бу ҳодиса тўлқинларнинг денгиз оқими билан ўзаро таъсирлашуви, тўлқинларнинг ўз динамикаси (тўлқинлар “бир-бирини қувлаши” натижасида дисперсион жамланиш вужуда келади) сабабли юз бериши мумкин.