1 октябрь кунидан Ўзбекистон аҳолиси ва улгуржи истеъмолчиларга бериладиган табиий газ учун Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган янги тарифлар жорий қилинади. 

Янги прейскурантга кўра, аҳолига бериладиган табиий газнинг 1 кубометри ҳисоблагич бўлган ҳолда 194,7 сўмдан 208,9 сўмга оширилади.

Бугундан Тошкент шаҳри аҳолиси учун совуқ сув хизматининг янги тарифлари 8 фоизга қимматлашди.

1 октябрдан бошлаб кўп қаватли турар-жой биноларида 1 метр куб сув учун жорий 342 сўмдан 370 сўмга оширилади (8,1 фоизга). Ҳисоблагичсиз уйларда эса бир киши учун бир ойга жорий 4185,64 сўмдан 4516,88 сўмга оширилади (7,9 фоизга).

Шунингдек, Тошкентда иссиқ сув ва иситиш тизими тарифлари ошди.

Иссиқ сувнинг кубометри ҳисоблагич ўрнатилган уйлар учун 3174.05 сўмни (бунгача — 3015.87 сўм, 5.2 фоизлик ўсиш) ва ҳисоблагич ўрнатилмаган уйлар учун киши бошига ойига 12395.4 сўмни ташкил қилади (бунгача — 11777.69).

Ўз навбатида Ўзбекистонда 1 октябрдан электр энергияси тўлови қимматлашади.

Янги тарифларга кўра, аҳолига бериладиган 1 кВт/с электр энергияси ҳақи 155 сўмдан 167,40 сўмгача, электр плитаси билан таъминланган хонадонлар учун 77,5 сўмдан 83,7 сўмгача ошиши белгиланган.

Бундан олдин, Ўзбекистонда коммунал хизматлар учун нархлар шу йилнинг 15 май кунида оширилганди.

Шу тариқа, табиий газ учун тарифлар йил бошидан буён 15 фоизга, совуқ сув таъминоти учун 19,4 фоизга, иситиш тизимлари учун 27 фоизга ўсди. Иссиқ сув учун 17,3 фоиз, электр энергияси учун эса 16 фоизлик ўсиш кўрсаткичлари қайд этилди.