Жорий йилнинг июль ойида Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳри бош имом-хатиби Салим Шакирзяновнинг таклифи билан Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси томонидан ташкил этилган делегация Новосибирск шаҳрида бўлиб қайтганди.

Мазкур сафар давомида Новосибирск шаҳридаги қатор жоме масжидларда турли диний-маърифий учрашув ва тадбирлар ташкил этилганди.

Ана шу самарли сафардан сўнг Россия федерацияси Свердловск вилояти муфтийси Абдул-Қуддус (Николай) Ашарин томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Екатеринбург шаҳрига таклиф қилинди. Тўрт кишилик делегацияси таркибида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бош имом-хатиби, “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли ҳам бор. Вакиллар 2-7 октябрь кунлари режалаштирилган бир неча тадбирларда иштирок этишлари белгиланган.

«Икки давлат мусулмонлар идораси келишувига мувофиқ, диннинг илмий асослари, мақсад-моҳияти, эзгу ғояларини тарғиб қилишга бағишланган тадбирлар, турли ёт ғоялар, экстремистик кучларнинг ёшларга кўрсатаётган таъсиридан сақланиш услублари борасидаги суҳбатлар бўлиб ўтиши режалаштирилган”, дейди Свердловск вилояти муфтийси Абдул-Қуддус Ашарин маҳаллий ОАВ вакилларига берган интервьюсида.