КХДР ўзининг ядровий ва ракета ишланмалари устида тадқиқотлар ўтказишни бас қилиши керак. Бу ҳақда Жанубий Корея республикаси президенти Пак Кин Хе Сеулда мамлакат Миллий қуролли кучлари куни муносабати билан ташкил этилган тадбир чоғида айтиб ўтган.

"Шимолий Корея ўз ядровий дастури устида ишлашни зудлик билан тўхтатиши керак. Акс ҳолда бу мамлакат янада чуқур изоляцияда қолади ва иқтисодий ривожланишдан бутунлай тўхтайди", дейди у.

Жанубликлар етакчисининг айтишича, бу жараён сақланиб қоладиган бўлса, Пхеньян барча томонлама, айниқса иқтисодий томондан сиқувга олинади.

КХДР томони 30 октябрь куни Корея Республикаси раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясидаги чиқишида сўзлаган нутқини танқид қилиб чиққанди.

Пак Кин Хе 29 ноябрь кунги чиқишида Жанубий Корея КХДР ўз ядровий режаларидан воз кечса, унинг иқтисодиётига ёрдам бериши ҳақида айтганди.

Шундан сўнг, КХДР Жанубий Кореяга икки томон оилаларини ўзаро кўришишни тақиқлаши билан таҳдид солди.

Эслатиб ўтамиз, август ойининг иккинчи ярмида бу икки давлат муносабатлари кескинлашиб кетган ва томонлар уруш ёқасига келганди. Бир неча кун давом этган музокаралардан кейин, 24 август куни Шимолий Корея ва Жанубий Корея қарама-қаршиликни камайтириш ҳақида келишиб олганди.