АҚШ Мудофаа вазирлиги вакиллари Сурияда ихтилофга бормаслик мақсадида россиялик ҳамкасблари билан алоқа ўрнатди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жошуа Эрнест журналистлар билан мунтазам ўтказиладиган матбуот баёнотида маълум қилди.  

Эрнест Сурияда Россия ва АҚШ қуролли кучлари ўртасида ихтилофга бормаслик “устувор вазифа” бўлиб қолишини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, Пентагон ходимлари “россиялик ҳамкасблари билан бу масалани муҳокама қилиш учун алоқа ўрнатди”.

Эрнест “АҚШ Мудофаа вазирлиги Россиянинг Суриядаги фаолиятини ўрганаётганини” тасдиқлади. Шу муносабат билан Эрнест “Вашингтон Россия самолётлари Сурияда айнан қайси нишонларга зарба бергани ҳақида маълумотга эгами?” деган саволни жавобсиз қолдирди. Эрнест бу босқичда АҚШ Россия Сурияда “ИШИД” позицияларига эмас, балки маҳаллий мухолифатга зарба бергани ҳақида хулосалар чиқаришга тайёр эмаслигини айтди.

Эрнест АҚШнинг Дамашқнинг расмий розилигисиз Сурияда ўтказаётган ҳарбий операциялари қонуний эканлигини ва БМТ Низомининг 51-моддасига тўғри келишини таъкидлаб ўтди.