Мадриднинг Реал” клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду “Мальме”га (2:0) қарши Чемпионлар лигаси 2-тур учрашувида дубль қайд этди.

Мадридликлар сайтида ёзилишича, 30 ёшли Португалия терма жамоаси аъзоси мадридликлар таркибида ўзининг 323- ва 324 голларини уриб, Раулнинг натижасини янгилади ва клуб тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди.

Айтиш жоизки, Роналдуга ушбу рекордни қайд этиш учун 308та ўйин талаб этилган бўлса, Рауль ўз натижаси учун 741та ўйин ўтказганди.

Қайд этилишича, Роналдунинг 2010 йилда "Реал Сосьедад" дарвозасига урган, лекин Пепе ҳисобига ёзилган голи ҳам шу натижа ичига киритилган.

Роналдуни ушбу натижа билан Раулнинг шахсан ўзи телефон орқали табриклаган.

Бундан олдинроқ, Роналду "Мальмё"га қарши ўйинда ўз фаолиятидаги 500 ва 501-голларини нишонлагани, шундан сўнг уни собиқ жамоаси "МЮ" табриклагани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, у бу учрашувда ўзининг ЕЧЛдаги ўйинлардаги 22-дублини қайд этди ва бу борада Мессидан ўзиб кетди.

Қолаверса, Роналду ЕЧЛда ўтказган 116 ўйинидаги 82-голини нишонлади. У бу борада ҳам Мессидан олдинда (97 ўйинда 77та гол) бормоқда.