Тошкентлик қиз телефонини тортиб олган йигитини судга берди. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда.

Айтилишича, 1987 йилда туғилган Турғун Олимов ва Лола Раҳимовалар 2004 йилдан буён таниш бўлиб, узоқ йиллар севишиб келишган. Аммо охирги пайтларда қизнинг қулоғига Олимовнинг хиёнати ҳақидаги хабарлар чалина бошлаган.

Бир куни Раҳимова Олимовни хиёнатда айблай бошлаган. Йигит ўзининг айбсиз эканлигини исботлаш учун қизга телефонини текшириб кўришни таклиф қилган. Қиз унинг Nokia русумли телефонини олиб, машинасини ичдан қулфлаб олган ва текшира бошлаган. Бундан жаҳли чиққан Олимов машина ойнасини синдириб, Раҳимованинг 500 минг сўмлик Samsung Galaxy S3 смартфонини олиб қўйган ва, қиз ундан телефонни қайтаришни талаб қилганига қарамай, воқеа жойини тарк этган.

Лола Раҳимова йигити устидан тегишли идораларга арз қилди. Бунинг натижасида Турғун Олимов талончиликда ва куч ишлатишда айбланиб суд қилинди.