Россиянинг Суриядаги авиазарбалари АҚШ учун кутилмаган ҳол бўлди ва Ғарб сиёсатчиларининг кескин норозиликларига сабаб бўлди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри ёзмоқда.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россия Асад режимига кўмак бераётгани ҳамда ўз ҳаракатларини халқаро коалиция билан мувофиқлаштирмаётганидан норозилик билдирмоқда. Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Абадий интервьюларидан бирида Россия халқаро коалиция билан ҳамкорлик қила бошлаганидагина уни қўллаб-қувватлашини баён этди.

Авиазарбалар бошланишидан бир соат олдин россиялик генерал АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасига ташриф буюриб, Вашингтон Сурия ҳаво ҳудудидан ўз самолётларини олиб ташлаши лозимлигини хабар қилди. АҚШ мудофаа вазирлиги ходимлари бундай хатти-ҳаракатларини нопрофессионал деб баҳоламоқда.
“Владимир Путин жўрттага ўз рақибларини мувозанатдан чиқаришга интилмоқда ва бунинг учун, ўзи ёқтирганидек, кутилмаган ҳаракатлар тактикасидан фойдаланмоқда. Унинг бундай кутилмаган феъл-атвори айрим ҳолларда ютуқ келтиради”, — дейди Карнеги жамғармаси президенти ўринбосари Эндрю Вайс.

“Суриядаги кутилмаган ҳаракатлар ва Россиянинг Ғарб сиёсатчилари билан ҳисоблашишни истамаслиги Украинадаги вазиятни эслатмоқда. Қримнинг эгалланиши ҳам айнан Путин томонидан ташланган чақириқ эди”, — қўшимча қилди у.