Афғонистоннинг шарқида АҚШнинг C-130 Hercules ҳарбий-транспорт самолёти фалокатга учраши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 кишига етди. Бу ҳақда 1 октябрда ABC телекомпанияси маълум қилди.     

Телекомпаниянинг Пентагондаги манбаси маълумотларига кўра, самолёт бортида ҳаммаси бўлиб 11 киши – 6 нафар ҳарбий ва 5 нафар оддий фуқаро бўлган. Уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Бундан ташқари, самолёт ерга қулаши оқибатида уч нафар афғон ҳалок бўлган. Телекомпаниянинг таъкидлашича, айни пайтда самолёт уриб туширилганига гувоҳлик берувчи ҳеч қандай маълумот йўқ.  

Аввалроқ Афғонистонда фаолият юритаётган халқаро коалиция расмий вакили Брайен Трибус фалокат Афғонистоннинг Жалолобод аэропорти яқинида содир бўлганини маълум қилганди. Фалокат сабаблари номаълумлигича қолмоқда. “Биз маълумот тўпламоқдамиз ва ўрни келганда уни чоп этамиз”, деб айтди Трибус.