Манчестер шаҳри суди Натаниэл Керр исмли ҳаваскор футболчини ҳаваскорлик мақомидаги учрашувлардан бирида рақиб футболчисига жиддий тан жароҳати етказгани учун қамоққа ҳукм қилди. Manchester Evening News нашрида ёзилишича, бу воқеа AFC Gold Cup турнири доирасидаги учрашувда содир бўлган.

Ушбу воқеада айбдор бўлган Керрнинг тан олишича, у рақиб футболчиси Стюарт Парсонснинг оёқларига ундан ўз жамоадоши учун қасос олиш мақсадида ташланган. У рақибининг оёғини шикастлагач, унинг устида туриб, "Ўрнингдан тур, латта!" дея бақирган.

Ўйин ҳаками шу заҳотиёқ ўйинни якунлаган. Жабрланувчи зудлик билан шифохонага олиб борилган. Унинг тўпиқ қисми икки жойидан сингани аниқланган.

Парсонсни операция қилишган. У энди узоқ вақт тикланиш жараёнини ўтказади.

Қоидабузарга нисбатан қамоқ муддатидан ташқари 5та ўйиндан иборат дисквалификация қўлланиши ва ундан 450 фунт миқдоридаги жарима ундирилиши айтилган.