Дубай агломерациясидаги Шаржа шаҳридаги осмонўпар бинода юз берган ёнғин туфайли 250 оила уйларидан ташқарида қолди. Khaleej Times нашрида ёзилишича, бинонинг илк қаватида келиб чиққан ёнғин 30-қаватгача ўрлаган.

Бу ҳодиса туфайли ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар йўқлиги айтилган. Бинода истиқомат қилганлардан 30 нафари нафас олишдаги муаммолар туфайли шифокорларга мурожаат қилишган.

Ёнғин бошлангач, қутқарувчи гуруҳлар бинодан одамларни муваффақиятли тарзда эвакуация қилишган. Яна бир гуруҳ эса оловни ўчириш билан шуғулланган.

Ушбу ёнғин бинодаги 26та қаватга таъсир қилган. Бинонинг 6-қаватида автомобиллар учун автотураргоҳ жойлашган эди.

Айни вақтда ёнғин сабаблари ва у келтирган зарар миқдори аниқлаштирилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, фалокат туфайли 14та автомобил ишдан чиққан.