Тошкентдаги “Ўзбекистон” спорт саройида дзюдо кураши бўйича ўтказилаётган Гран-При турнирида вазни -73 кг.бўлган полвонлар беллашувида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.

Ушбу вазн тоифасида олтин медални Ўзбектстон вакили Мирали Шарипов қўлга киритди. Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи спортчиларидан бири ҳисобланган Мирали Шарипов саралаш беллашувларида Беларусь, Ж.Корея ва Германия терма жамоаси аъзоларини мағлуб этиб, ярим финалда КХДР вакилини, ҳал қилувчи финал баҳсида эса португалиялик Нуно Сараивани енгди.

Ушбу вазн тоифасида беллашувларга киришган яна бир ўзбекистонлик спортчи Ғиёсжон Бобоев эса саралаш босқичида Сербия, Хитой ва БАА вакилларидан устун келди ва ярим финалда португалиялик Нуно Сараивага имкониятни бой берди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда германиялик Игор Ванткени енгган Ғиёсжон Бобоев бронза медали соҳиби бўлди.

Айни пайтга келиб Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида 1та олтин, 1та кумуш ва 2та бронза медали мавжуд бўлиб, ҳозирча ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида дзюдо ватани вакиллари японияликлардан кейин иккинчи ўринда боришмоқда.