Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида истиқомат қилувчи 55 ёшли Нараян исмли эркак мотоциклда жаҳон мамлакатлари бўйлаб сафарга чиқади. У 25 мамлакатда бўлиб, у ерда аҳолининг эътиборини имконияти чекланган инсонларнинг муаммоларига қаратмоқчи.

Эркак пайшанба куни Ҳиндистоннинг Дубайдаги консуллигидан ўз сафарини бошлади. Унга Ҳиндистоннинг Дубай ва Шимолий амирликлар бўйича бош консули Анураг Бҳушан старт берди.

Нараян собиқ велосипедчи бўлиб, у 1979-1980 йилларда тинчлик тарғиботи йўлида жаҳоннинг 59 мамлакатида жами 90 минг км масофани босиб ўтган. Унинг сафари 19 ой давом этган эди.

4 йил муқаддам Нараян аварияга учраб, оёғидан жароҳат олди. Шундан буён у бир оёққа оқсайди; бу туфайли у велоспортни ташлашга мажбур бўлди.

У янги сафарга чиқаётган мотоцикл махсус жиҳозланган бўлиб, жароҳат олган оёғига қийинчилик туғдирмайди.

“Ногиронга айланганимдан сўнг бу борада одамларни бохабар қилиш нияти туғилди”, - деди у мухбирлар билан суҳбат чоғида.

Нараяннинг саёҳати 6 ой давом этади, шу давр ичида у 35 минг км масофани босиб ўтади.