Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр Ливиянинг марҳум раҳбари Муаммар Каддафига истеъфо бериб, хавфсиз жойда яширинишни маслаҳат берган эди. Аммо Каддафи бу таклифни рад қилиб, уруш чоғи ўз мамлакатини ташлаб кетишни истамаган.

Бу ҳақда The Independent нашри ёзмоқда.
АҚШ давлат департаменти икки давлат раҳбари суҳбатининг стенограммасини эълон қилди.
Блэрнинг ёрдамчиси Кэтрин Риммернинг таъкидлашича, суҳбат чоғида собиқ бош вазир Каддафини зўравонликдан бош тортишга кўндирмоқчи бўлган.

“Қон тўкилиши ва зўравонлик тўхтатилиши лозим. Агар сизда хавфсиз жой бўлса, у ерга йўл олинг. Бу тинчлик билан тугамайди, ўзгаришлар керак. Ўзгаришларни бошқарса бўлади, биз уларни бошқариш йўлини топамиз. Мен одамлар билан гаплашдим, улар масала тинч ечим топиши тарафдори”, - деган Блэр Каддафига.