Кўплаб инсонларнинг узоқроқ умр кечиришига имкон берувчи тиббиёт муваффақиятлари шарофати билан 2050 йилга бориб 60 ёшдан ошган кишилар сонининг икки баробар ортиши туб ижтимоий ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилади.

Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 1 октябрь – кекса инсонлар халқаро куни муносабати билан эълон қилган ҳисоботда айтиб ўтилди.
“Бугунги кунда ҳаттоки энг камбағал давлатларда ҳам инсонлар узоқроқ ҳаёт кечиришни бошлади, - деди ЖССТ Бош директори Маргарет Чен.

– Бироқ бу етарли эмас. Биз ушбу қўшимча йилларда одамларнинг соғлом ҳолда тўлақонли ҳаёт кечириб, инсоний қадр-қимматининг сақлаб қолишига эришишимиз зарур. Мазкур мақсадга эришиш фақатгина кекча кишилар эмас, балки бутун жамият учун ҳам аҳамиятлидир”.

Ҳисоботда ҳукуматлар кекса кишиларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этишига йўл қўювчи ва кекса ёшда саломатликка жиддий таъсир кўрсатувчи адолатсизликларга йўл қўймасликка хизмат қиладиган сиёсатни олиб бориш лозимлигини қайд этиб ўтди.