АҚШнинг Орегон штатидаги Ампкуа коллежида отишма содир этган 26 ёшли Крис Харпер Мерсер қурбонларининг қайси динга эътиқод қилишига қизиққан. Бу ҳақда маҳаллий News Review Today газетаси гувоҳлардан бири, 18 ёшли Кортни Мур кўрсатмасига асосланиб хабар қилди.

Талабанинг айтишича, у номаълум шахс тўсатдан ойна орқали қуролдан ота бошлаганида аудиторияда бўлган. Шундан сўнг қотил бинога кириб, барчага ерга ётишни буюрган. Сўнгра бирма-бир уларни турғизиб, қайси динга риоя қилишини сўрай бошлаган. Барчанинг эътиқоди ҳақида сўраб, яна ўқ отишни бошлаган. Кейинроқ эса бошқа бинога йўл олган.

CNN телеканалининг хабар беришича, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар энг камида иккита аудиторияда аниқланган.
Отишма овози эшитилгандан сўнг ўқув муассасасида ваҳима уйғонган. Одамлар бақирганча синфлардан тартибсиз равишда қочиб чиқиб, узоқроққа яширинишга урина бошлаган. Ўқувчи қизлардан бири коллеж ҳудудидан оқиб ўтувчи дарёни сузиб ўтишга ҳам улгурган.

Қотил ҳодиса жойига етиб келган полициячилар томонидан отиб ўлдирилган.
Полиция қўлларини баландга кўтариб туришга буюрган ҳолда талабаларни эвакуация қилган.
Ҳодиса тафсилотларини ўрганишга алоқадор ахборот манбасининг хабар беришича, чоршанба, 30 сентябрь куни тунда жиноятчи 4chan чатидаги муҳокамаларда яқин орада янгиликлар қаҳрамонига айланишини айтиб, отишма уюштириш учун қандай қуроллар маъқул эканини сўраган.

Бошқа фойдаланувчилар эса ёки гижгижлаган, ёки унинг устидан кулган. Кимдир уни омадсизликда айблаган бўлса, яна кимдир ёвуз қаҳрамон деб атаган. Бўлғуси қотил тармоқда “Мен умримда биринчи марта янгиликларда пайдо бўламан. Қанчалар аҳамиятсизман”, - дея тан олиб ёзган.