Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ўлдириб кетилган марҳум сиёсатчи Борис Немцовнинг қизини меҳмонга таклиф қилди ва унга ўз ҳамдардлигини билдиришга тайёрлигини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Русская служба новостей” ахборот агентлиги.

“У мени айблагандан кўра, қотилликни ташкил этганларни ўз атрофидан қидириб кўрсин. Агар у мен билан учрашишни истаса, мен уни меҳмонга чақираман, чой устида суҳбатлашамиз, мен унга отасининг ўлдирилгани сабабли ҳамдардлигимни билдираман. Менинг отамни ҳам ўлдиришган – ҳаёт шундай, нима ҳам қила оламиз”, деб айтди Қодиров.

Қодировнинг айтишича, Немцов “ишлатиб бўлинган ускуна бўлган, уни шундоқ ташлаб юборишнинг ўрнига, ўлдириб шундан ҳам фойда кўрилган”.

Чеченистон раҳбари Тергов қўмитаси талаб қилса, сўровга келишга тайёрлигини, бироқ сиёсатчининг қотиллигига “Шимол” чечен батальони қўмондони ўринбосари Заур Дадаевнинг алоқаси йўқлигига ишончи комиллигини айтган.