Россиянинг Ленинград вилояти Киров тумани полициячилари “Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш” ва “ҳокимиятни қўлга олиш ва Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариш” жинояти бўйича гумон қилиниб, қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олдилар, деб хабар бермоқда 47news нашри.

Нашрга маълум бўлишича, 1 октябрь куни соат 16:00да Ленинград вилоятининг Киров туманида “Треугольник” боғдорчилик уюшмаси ҳудудида ҳужжатларни текшириш мақсадида 46 ёшли Ўзбекистон фуқароси полициячилар томонидан тўхтатилган. Эркакнинг шахси маълумотлар базаси бўйича текширилганда, у 2014 йил 6 ноябрдан бери терговдан беркиниб юрган шахс сифатида халқаро қидирувда бўлгани аниқланган.

Маълум бўлишича, эркак Ўзбекистонда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 3-банди, яъни “Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш” жиноятини амалга оширишда гумон қилинмоқда. Бу жиноят учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган.

Қўлга олинган ўзбекистонлик ҳақидаги маълумот Киров тумани прокуратурасига юборилган.