Россия молия вазири Антон Силуанов РБК нашрига берган интервьюсида халқаро нефть бозоридаги вазиятга ўз муносабатини билдириб ўтди.

“Биз 2016 йилги бюджетга асос қилиб оладиган башорат иқтисодий ўсиш суръатларининг яқин истиқболда ортга қайтишини кўзда тутади, - деди у. – Кейинги йилда ўсиш 0.5 фоизни, 2017 йилда эса 1.5 фоизни ташкил қилишини кутмоқдамиз”.

Шунингдек, вазир нефть нархининг тушиши Россия иқтисодиёти чалинган хасталикни даволашини таъкидлаб ўтди: “Қиммат нефть шароитида дефицитларни қўллаб-қувватлаш рублнинг мустаҳкамланиши ва пулнинг қимматлашиши демакдир, бу икки нарса эса янги иқтисодий модель доирасида ўсишга хизмат қилмайди.

Айтиш мумкинки, нефть нархининг тушиши аччиқ дори бўлса ҳам, Россия иқтисодиёти охирги йилларда чалинган “голландча хасталик”ни даволайди”.