АҚШнинг Виржиния штатида бир неча йил ҳисобига биринчи марта ўлим жазоси амалга оширилди. Рейтер хабарига кўра, ўлим ҳукми жиноятчига укол орқали ўлимга олиб келувчи химиявий модда юбориш орқали ижро этилган.

Ушбу ижро сальвадорлик 49 ёшли Альфредо Приетога нисбатан қўлланган. Прието 1988 йилда амалга оширган қотиллиги учун ўлимга маҳкум қилинган. Бундан ташқари, у кейинроқ яна 7 шахсни ўлдиргани гумон қилинади.

Оқловчи ҳуқуқшунослар Приетонинг ақли ноқислигини исботлашга уринишган. Маълум қилинишича, унинг IQ кўрсаткичлари атиги 66га тенг. Лекин АҚШ Олий суди қатл ҳукмини бекор қилмади.

Приетога нисбатан 2010 йилда ўлим ҳукми чиқарилган, ўшанда у 1988 йилда Вашингтон яқинида бир қизни зўрлаб ўлдирганликда, кейинроқ қурбонининг йигитини ҳам ўлдирганликда айбланганди. Ушбу қотил 1992 йилда ҳам Виржинияда 15 ёшли қизни зўрлаган ва ўлдирган.

Қайд этилишича, Виржиния штатида охирги марта 2013 йилнинг январида ўлим ҳукми ижро этилганди.