Афғонистондаги АҚШ бошчилигидаги қуролли кучлар бошлиғи, армия генерали Жон Кэмпбелл Афғонистон президенти Ашраф Ғани Аҳмадзойга жангариларга қарши берилган авиазарбалардан бири Қундуздаги “Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти шифохонасини вайрон қилгани учун ўз узрини келтирди. Бу ҳақда Афғонистон президенти маъмуриятига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги маълум қилди.

Кэмпбелл Аҳмадзойни операция тафсилотларидан бохабар қилиб, ундан хато учун узр сўраган. Халқаро коалиция вакили Кэмпбелл ва Аҳмадзой ўртасида телефон суҳбати бўлганини тасдиқлай олмади, бироқ бу маълумот текширилаётганини маълум қилди.

Аввалроқ АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг авиазарбалари “Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти шифохонасининг вайрон бўлиши ва ёнғин чиқиши кўринишидаги “номақбул зиёнларга” олиб келгани маълум қилинган эди.