Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи 22 ёшли Обид исмли йигит бир қизнинг ўлимида айбланиб 10 йилга қамалди. Воқеа тафсилотлари “Ҳуқуқ” нашрида ёритилди.

Тахмин қилинишича, йигит панк субмаданияти вакили бўлган. Янги йил кечаси у сочини панкларга хос тарзда ирокез шаклига келтириб, ярим тунгача шаҳар кезган ва турли базмларда иштирок этган. Маҳаллага қайтганда эса акаси Азим билан учрашиб қолган.
Дастлаб акаси йигитчани койиган, кейин иккаласи биргаликда машинани тузатишга киритишган.

Шу пайт кўчада маст ҳолдаги бир қиз пайдо бўлиб, Обиднинг сочини масхаралай бошлаган. Бу ҳолат нафсониятига тегиб кетган йигит қиз билан даҳанаки жангга киришиб кетган. Қиз Обидни йиқитиб, юзига тупурган. Бунга чидай олмаган йигит машинадан пичоқ топиб олиб, қизни кўп қаватли уйнинг қоронғу бурчагига судраган. У ерда қизнинг қорнига ва танасининг бошқа қисмларига пичоқ кўплаб зарбалар берган. Қиз воқеа жойида оламдан ўтган. Азим укасини тўхтатишга улгурмаган.

Суд қарори билан Обид 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.