Россия авиагуруҳи самолётлари Сурияда “ИШИД”га қарши операция бошидан бери террорчилик гуруҳига тегишли 50 та объектни йўқ қилган. Ушбу мақчадларда Россия ҳарбий-коинот кучлари (ҲКК) самолётлари 60 дан кўпроқ парвозни амалга оширган. Бу ҳақда 3 октябрда Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош тезкор бошқармаси бошлиғи, генерал-полковник Андрей Картаполов маълум қилди.

Картаполов Россия авиацияси нафақат зарбалар беришни давом эттиришини, балки уларнинг жадаллигини ошириб боришини маълум қилди.

Картаполовнинг айтишича, Россия ҲККнинг асосий нишонлари “террорчиларга тегишли бошқарув пунктлари, ўқ-дорилар ва портловчи қурилмалар омборлари, алоқа узеллари, террорчи-худкушлар учун қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи минизаводлар ва жангариларни тайёрлаш лагерлари” ҳисобланади.

Россия авиацияси 30 сентябрдан бошлаб Сурияда “ИШИД”га қарши зарба беришни бошлади. Суриядаги Россия авиациясининг таркибига 50 дан ортиқ самолёт ва вертолёт, жумладан Су-24М, Су-25 ва Су-34 самолётлари киритилган.