Бир киши “Microsoft” компаниясига фаррош бўлиб ишлаш учун келибди. Кадрлар бўлимида у бир нечта тестлардан, суҳбатдан ўтибди ва унга дейишибди:

— Табриклаймиз, сизни ишга қабул қиламиз. Бизга ўз e-mailингизни қолдиринг, иш жадвали ҳақида маълум қиламиз.

— Кечирасиз, менинг компьютерим йўқ,– дебди бояги киши, – электрон почтам ҳам йўқ.

— Афсуски, у ҳолда сизни ишга қабул қилолмаймиз. “Microsoft”нинг барча ходимлари билан e-mail орқали алоқа қиламиз ва ишимизнинг асосий қисми компьютерлар билан боғлиқ. Шунинг учун сизни ишга ололмаймиз.

Бечора киши ташқарига йўл олибди ва компьютер учун қандай қилиб пул топишни ўйлай бошлабди. Чўнтагида атиги 30 доллар пули бор экан. Қараса, нарироқда бир фермер боғидан териб келган олмаларини сотаётган экан. У 10 кило олма сотиб олибди ва гавжум кўчалардан бирига бориб олма сота бошлабди. Икки соатда унинг пули икки баробар, олти соатдан кейин эса 10 баробарга кўпайибди. У “Microsoft”га ишга кирмасдан ҳам яшаш мумкинлигини тушунибди.

Бир қанча вақтдан кейин эркак автомобиль сотиб олибди, аввалига кичик дўкон, кейинроқ магазин очибди. Беш йилдан кейин супермаркетлар тармоғини ташкил қилибди. Шундан сўнг у бизнесини суғурта қилдирмоқчи бўлибди, суғурта агенти эса ундан электрон почтасини қолдиришни сўрабди. Бизнесмен худди бир неча йил олдинги сингари унда e-mail ҳам, компьютер ҳам йўқлигини айтибди.

– Қойил! – дебди суғурта агенти, – компьютерингиз йўқ бўла туриб шундай бизнесга эга экансиз! Агар комьютерингиз бўлганида ким бўлардингиз экан?!

Бизнесмен унга жилмайиб жавоб қайтарибди:

– У ҳолда “Microsoft”да фаррош бўлардим.

Манба: хabardor.uz