Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Брюсселга ташрифи чоғида ЕИ етакчилари билан кун тартибига бир қанча масалаларни қўймоқчи.
Аввало, манбаларда таъкидланишича, муҳожирлар масаласи биринчи галда муҳакама қилинади.

Сурияда уруш бошланганидан буён Туркия ушбу давлатдан 2 млн қочқин қабул қилди, уларни таъминлашга мамлакат ўз бюджетидан 7 млрд доллар, халқаро ташкилотлардан берилган 400 млн доллар сарфлади. Шу боис муҳожирлик Туркия учун энг ўткир масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Суриядан янги миграцион оқимлар келишининг олдини олиш учун мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш талаб қилинади. Шу жиҳатдан Эрдўған муҳожирлар хавфсизлиги учун парвозлар ман қилинган зона яратишни таклиф қилмоқчи.
Кун тартибидаги иккинчи масала Туркиянинг ЕИга аъзолиги бўлади.

Ушбу мамлакат номзодини 2005 йилда кўрсатган бўлиб, музокаралар 10 йилдан буён давом этмоқда.
Экспертларнинг таъкидлашича, бугун Эрдўған биринчи марта бу борада куч позициясидан туриб гапириш имкониятига эга, негаки Европани ларзага келтираётган миграцион инқирознинг бориши бевосита Туркияга боғлиқдир.

Бундан ташқари, охирги бир йил ичида расмий Анқаранинг евроинтеграция масаласига бўлган қизиқиши бир қадар сўнди.
Айни кунларда Туркия Европадан конкрет қадамларни талаб қилмоқчи. Хусусан, Еврозона билан барча визаларни бекор қилиш кун тартибига қўйилади.