"Реал" жамоасининг собиқ бош мураббийи Карло Анчелотти "Ливерпуль"да бўш қолган бош мураббийлик курсисини эгаллашни истамади. Бу ҳақда ESPN хабар қилди.

Италиялик мутахассис бундай таклифни рад этишига асосий сабаб сифатида "Ливерпуль" ЕЧЛда қатнашмаётгани ва кейинги мавсумда қатнашиш учун яхши имконият ҳосил қилмагани келтирилмоқда.

Шунингдек, у "Ливерпуль" бош мураббийи бўлиш учун ўзининг кўп муддатлик таътилини эрта якунлашга рози бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, "Ливерпуль" Брендан Рожерсни ишдан бўшатгач, унинг ўрнини тўлдириш мақсадида Карло Анчелотти, Роберто Ди Маттео ва Юрген Клопп билан музокарага киришганди.

Ушбу ўринга асосий номзод Юрген Клопп экани айтилган.