Яқин кунларда Британия Сурия бўйлаб авиазарбалар беради. Британия Мудофаа вазири Майкл Фэллоннинг маълум қилишича, “бошқа мамлакатларга Британия кўчалари хавфсиз бўлиши ҳақида қайғуришни таклиф қилиш” мумкин эмас. Бу ҳақда The Independent нашри ёзмоқда.

“Бизнинг мамлакат дунёнинг бошқа давлатларидан ортда қолиши керак эмас. Биз терроризм ҳукмронлигига чек қўйишимиз лозим, акс ҳолда хавф-хатар остида қоламиз”, - деди Фэллон.

“ИШИД Британия учун жиддий таҳдид ҳисобланади. Улар бегуноҳ фуқароларни шафқатсизлик билан ўлдирмоқда. Бир йилдан ошдики, бизнинг учувчилар ИШИДга қарши жанг олиб бормоқда. Биз Ироқ ҳарбийларини ИШИДни ортга суриб ташлаш учун машқ қилдирмоқдамиз”, - дея қўшимча қилди вазир.

Британия бош вазири Дэвид Кэмероннинг фикрича, террор хавфига қарши кураш олиб бориш учун британ армиясига инвестициялар зарур. Шу мақсадда яқин вақтлар ичида ҳукумат узоқ масофага парвоз қилиб, мураккаб қуроллардан фойдалана оладиган 20 дона ҳарбий учувчисиз самолёт сотиб олишни режалаштирмоқда.