Бугун Тошкентда "Ипак йўлида туризм" халқаро сайёҳлик кўргазмаси иш бошлади. Кўргазманинг биринчи кунида турли хорижий компанияларнинг намойишлари, “Ипак йўли таъми” миллий таомлар, “Шарқ бозори” фестиваллари ўтказилди. Бу ҳақда "Ўзбектуризм" МК ахборот хизмати маълум қилди.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг миллий стендида ўтказилган керамик буюмларни тайёрлаш бўйича интерфаол мастер-класс ва “Ўзбекистонда туризм ривожида маданий меросни асраш” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Конференция давомида давлат ва халқаро ташкилот вакиллари, жумладан UNWTO, UNESCO, GIZ вакиллари иштирок этишди ва Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда маданий меросни асраш, Ўзбекистоннинг Буюк ипак йўлида тутган ўрни, туризмда кадрлар тайёрлаш тизимини замонавийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Кўргазманинг иккинчи кунида “Ипак йўли таъми” ва “Шарқ бозори” фестиваллари ва фольклор-этногорафик чиқишлар давом этади. Бундан ташқари, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларининг махсус мастер-класслари интерфаол тарзда ўз ишини бошлайди.